Катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишни ташкил қилиш

Катта ўлчамли ва оғир вазнли юкни аниқлаш

Катта ўлчамли ва оғир вазнли юклар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342 сонли Қарорининг 2-иловаси “Катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш қоидалари”га асосан аниқланади.

Транспорт воситаси (юкланган ёки юкланмаган) қуйидаги ўлчамларнинг биридан ошганда, катта ўлчамли хисобланади:

  • ер сатҳидан баландлиги – 4,0 метр;
  • эни бўйича – 2,55 метр (рефрижераторлар ва изометрик юкхоналар учун – 2,6 метр);
  • узунлиги бўйича: бир тиркамали ёки ярим тиркамали автопоездлар узунлиги – 20 метрдан, икки тиркамаликнинг (ёки ундан ортиқ) узунлиги – 24 метрдан ортиқ, ҳамда ортилган юкнинг транспорт воситаси юкхонасиининг орқа томонидан - 2 метрдан кўпроқ чиқиши.
Ташишнинг оптимал ҳаракат йўналишини танлаш

Оптимал ҳаракат йўналишини танлаш юкнинг ҳусусиятлари, ўлчамлари ва мақсадига боғлиқ. Оптимал ҳаракат йўналишини танлашнинг асосий мақсади – ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаган ҳолда юкни ташиш шароитларини яратиш. Шунингдек, юк ташишнинг оптимал ҳаракат йўналишини танлаш ҳаракатланишнинг бошқа иштирокчилари ҳавфсизлигини таъминлайди. Оғир вазнли юкларни ташишда ҳаракат йўналиши шундай танланиши керакки, натижада йўл қопламаси, кўприклар, йўл ўтказгичлар ва бошқа муҳандислик иншоотларига зарар етмаслиги керак. Ҳаракат йўналишини танлашда йўлнинг хусусиятлари: қопламанинг сифати, қиялик, қатнов қисмининг эни, кўприкларнинг ҳолати, темир йўл кесишмаларининг бор-йўқлиги ва бошқаларга эътибор бериш зарур.

Ҳаракат йўналиши схемаси

Катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишни кузатиб бориш

Автомобиль йўлларининг ҳусусиятлари ва ундаги иншоотлар:

Кўприк иншоотлари: Кўприклар ва йўл ўтказгичлар стратегик аҳамиятга эга. Мавжуд кўприк иншоотлари 10 тонна (1-ўқга тушадиган) юк кўтаришга ҳисобланган. Оғир вазнли юкларни ташишда фойдаланиладиган транспорт воситасининг ўқлар сони кўприк иншоотларидан ўтказишда, бир ўқга тушадиган оғирлик 10 тонналигини ҳисобга олиб, аниқ ҳисобланиши лозим.

Автомобиль йўллари: Автомобиль йўллари бўйича оғир вазнли юкларни ташишда йўлнинг ҳолати, йўл тўшамаси конструкциясининг тури, эгрилик бурчакларининг радиуслари ва 1-ўқга тушадиган оғирликни ҳисобга олиш зарур.

Ер усти (ҳаводаги) муҳандислик коммуникациялари ва иншоотлари: Ер усти муҳандислик коммуникациялари ва иншоотларидан юкларни ўтказишда уларнинг баландлиги ва эни ҳисобга олиниши керак. Ҳаракат йўналиши бўйича бундай иншоотларга қуйидагилар киради: труба ўтказгичлар (газ, сув...), ахборот-кўрсатув белгилари (панно), ҳаво алоқа кабели, ЛЭП ва ЙПХ блок постлари.

Темир йўлни кесиб ўтиш жойи: Темир йўлни кесиб ўтиш жойи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг мутасадди ташкилотлари билан келишилади.

Кўтарилиш ва тушишлар: Бўйлама нишаблик бўйича ташиш юкнинг оғирлиги, техник ўлчамлари, транспорт воситаларининг тизими, тягач ва трайлерни тўғри танлашни ҳисобга олган ҳолда мукаммал ҳисобланиши керак.

Ўнгга ва чапга қайрилишлар: Юкнинг ўлчамларига қараб, ҳар бир қайрилишларда автопоезднинг максимал узунлиги аниқланади. Баъзи қайилишларда, транспорт воситасининг қайрилишида кенгроқ манёвр ўтказиши учун, қайрилишни кенгайтириш керак бўлиши мумкин.

Рухсатнома берилиши ва ҳаракат йўналишини келишиш тартиблари

Жисмоний ёки юридик шахс – юк ташувчи ёки юк жўнатувчи (ёхуд уларнинг вакиллари) юкни ташишни амалга оширишидан 10 кун олдин махсус рухсатнома ва ҳаракат йўналиши схемасини олиш учун, маркаси, тури, транспорт воситасининг давлат рақами белгиси ҳамда юкнинг ўлчамлари, ҳайдовчининг исми шарифи ва юкни ташишга жавобгар шахсларнинг исми шарифларини кўрсатиб ўтиш билан, йўлнинг эгаси – юридик шахсга ёзма равишда ариза бермоғи лозим.

Ҳозирда амал қилинаётган қонунчиликга асосан йўлнинг эгаси томонидан юкни ташишга махсус рухсатнома ва йўллари аниқ кўрсатилган ҳаракат йўналиши схемаси берилади.

Юкни ташишга бир марталик рухсатнома берилади. Бир хил турдаги, маълум ҳажмдаги юкларни бир йўналишда ташишда рухсатнома маълум муддатга берилиши мумкин (бу ҳолда юкнинг ҳажми, объектнинг қурилиш муддати ва бошқа шартлар кўрсатилади). Махсус рухсатнома юкни бўлиш ёки бошқа хилдаги транспорт воситаларида ташишнинг иложи бўлмаган ҳолдагина берилади.